• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    «ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ»

    • Қўшилди :
      20.10.2020
    • Кўрилди
      0
    «ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ»

    Туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат кенгаши туман бўлими ҳамкорлигида Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланди.
    Тантана аввалида Исҳоқхон Ибрат ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Тадбирни очиб берган туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова она тилимизга юксак мақом берилгунга қадар қилинган маънавий таҳдидлар ҳақида эслаб, мустақиллик йилларида, хусусан, кейинги уч йилда унинг эъзозланишига катта эътибор берилаётганини таъкидлади. Иштирокчилар орасидаги ёшларга бобомиз Исҳоқхон Ибрат изидан бориб, бир неча тил ўрганиш; ўқитувчиларга эса ёш авлодни тилимизнинг обрўсини юксалтирадиган етук инсонлар қилиб тарбиялаш энг муҳим вазифалари эканлигини эслатиб ўтди.
    «Тил ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита саналади. Тилнинг давомийлигини, умрбоқийлигини унда сўзловчиларнинг миллий ғурури, куч-қудрати, адабиёти ва санъати белгилайди», деди у.
    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва пулицист Содиқ Сайҳун эса тилимизнинг ниҳоятда бойлиги тўғрисида сўзлади. Ўнлаб ўзбекона сўзларимизнинг кўплаб халқларнинг кундалик ҳаётида қўлланишига мисоллар келтирди.
    Шундан сўнг «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остидаги байрамнинг бадиий қисми бошланди. Туман маданият бўлими ходимлари, 1-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари ва 1- мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари миллий ғуруримизни тараннум этувчи шеърлар ўқишди, қўшиқлар ва рақслар ижро этишди.
    Якунда сўз олган «Дўстлик» ордени соҳиблари Лобархон Рустамова ва Абдулҳай Усмоновлар она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларини улар бошлаган ўзига хос анъанани давом эттириб, давлат мукофотлари олишга муносиб фаолият юритишга чақирдилар.
    - Байрам шукуҳи энди барча таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарга кўчади, - деди туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилноза Азизова. – Зеро, ўз тарихи, гўзаллиги нуқтаи назаридан кўплаб тиллар билан бемалол беллаша оладиган она тилимизнинг ҳам алоҳида байрамга эга бўлишини юртимиздаги зиёлилар кўп йиллардан бери кутиб келаётган эди. Бу, миллатимиз, тилимиз, маънавиятимиз тарихида ўзига хос кун бўлиб қолади!