• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    БИРЛАШИБ, АҲИЛ БЎЛИБ, ИБРАТЛИ ҲАЁТ КЕЧИРАЙЛИК!

    • Қўшилди :
      18.07.2020
    • Кўрилди
      3
    БИРЛАШИБ, АҲИЛ БЎЛИБ, ИБРАТЛИ ҲАЁТ КЕЧИРАЙЛИК!

    БИРЛАШИБ, АҲИЛ БЎЛИБ, ИБРАТЛИ ҲАЁТ КЕЧИРАЙЛИК!Тўрақўрғон тумани ҳокими З. Маҳкамованинг туман аҳолисига

    М У Р О Ж А А Т И

    Ҳурматли ва азиз фуқароларимиз!

    Биз Ўзбекистон деган жаннатмонанд юртда яшаётганимиз учун ҳар қанча фахрлансак ва ўзимизни бахтиёр санасак арзийди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, унумдор тупроғимиз ва меҳнаткаш халқимиз бор. Доно ва оқил Юртбошимиз эса бизнинг ифтихоримиз ва энг катта суянчимиздир.

    Эътибор бераётган бўлсангизлар керак, дунё саҳнида турли воқеалар рўй беряпти. Қаердадир уруш кетяпти, қаердадир озиқ-овқат танқислиги, яна қаердадир сув тошқини кузатиляпти. Бизнинг мамлакатда шундай кўнгилсизликлар йўқ, илоҳим, бўлмасин ҳам.

    Бироқ, коронавирус пандемиясининг ер юзида тарқалмаган жойи қолмади ҳисоб. Манаман деган ривожланган давлатлар ҳам бу балои офат олдида ожиз қолди. Шу жумладан, бизнинг юртда ҳам касалланиш, йўқотишлар юз берди ва бермоқда. Ҳукумат пандемияга қарши кескин чоралар кўрмоқда, айни пайтда ҳам касалликнинг иккинчи тўлқини бошлангани расман тан олиниб, кучайтирилган карантин тартиби жорий этилди. Агар одамлар бепарво бўлмаса, белгиланган қоидаларга амал қилса, албатта, бу вазиятдан чиқиб кетамиз.

    Мен сизларга шу мавзудаги бошқа масалада мурожаат этишни лозим топдим. Кўпчилик хабардор бўлди, куни кеча “Тролл.уз” телеграмм тармоғида Тўрақўрғон туманида коронавирус касалига чалинганлиги гумон қилинган, енгил даволаниш курсини ўтаган ёки шу дардни юқтириб, вафот этган шахслар номига ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳар бирига давлат ҳисобидан 30-35 миллион сўмдан маблағ чиқим қилинаётгани ҳақидаги мақола тарқалди.
    Рўйи-рост айтиш жоиз, пандемия бошланганидан бери Тўрақўрғонда аҳоли орасидан коронавирусга чалиниб, вафот этган ёки оғир аҳволга тушган бемор ҳам, шундайларни даволашга ихтисослашган шифохона ҳам йўқ. Коронавирусга чалинганлиги аниқланган 17 нафар бемор эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилган. Фақат 331 нафар карантинга олинган фуқаролар туман юқумли касалликлар шифохонасида тиббий кузатувга олинган ва шулардан орттирилган хасталиги борларга бепул дори-дармон берилган.
    Мақолада келтирилган маълумотларга ойдинлик киритиш мақсадида Ишчи гуруҳи тузилди ва даволанишда ҳамда карантинда бўлганлар билан суҳбатлашиб чиқилди. Маълум бўлдики, ҳеч қандай ҳужжатларга имзо чектирилмаган, маблағ ҳақида гапирилмаган ҳам. Республика Бош прокуратураси ушбу иш юзасидан ўрганиш ўтказилишини билдирди. Агар келтирилган далиллар исботланса ёки аксинча, маълумотлар тасдиқланмаса айбдорлар албатта қонун олдида жавоб беради.
    Шундай оғир шароитда бу каби ёлғон-яшиқ гаплар билан давлат бошқаруви идораларининг обрўсига путур етказиш кимга керак бўлдийкин, деб изтиробга тушасан киши. Яхшики, Тўрақўрғон халқи меҳнаткаш, самимий ва дилкаш инсонлар. Улар оқни қорадан яхши ажрата биладилар, ғамҳўрлик ва эътиборни эъзозлайдилар. Айниқса, кўпни кўрган ёши улуғ кексаларимиз ҳозирги тўқчилик ва тинчлик замонни қадрлайдилар. Уларнинг панд-насиҳатлари билан ёшлар тўғри йўлни танлайдилар, ватанни эъзозлашни ўрганадилар. Пировардида онгли, ўз дунёқарашига эга, замон билан ҳамқадам авлод шаклланиб боради.
    Сизларга мурожаат этишдан мақсадим ҳам шу, огоҳ бўлинг. Интернет тармоқларидаги ҳар қандай асосланмаган хабарларга ишонманг ва муносабат билдиришга шошилманг. Сиз Президентимизга ва давлатимиз сиёсатига ишонинг. Биз қанчалик бирлашиб, аҳил бўлиб, халқимизнинг миллий анъналарини эъзозлаб яшасак, ҳаётимиз шу даражада тўкис ва ибратли бўлади.
    Сизларга, оилангизга соғлиқ-саломатлик, рўзғорингизга файз-барака тилайман! Яратганнинг ўзи доимо барчамизни паноҳида асрасин!