• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    ФИДОЙИЛИГИНГИЗ ҲАР ҚАЧОНГИДАН МУҲИМ

    • Қўшилди :
      27.03.2020
    • Кўрилди
      30

    Сенатда доимий ишловчи сенатор Носирбек Абдуллаханов Наманган шаҳрида жойлашган “ANAMED” тиббиёт клиникасидаги учрашувни ана шундай қалб миннатдорчилиги билан бошлади.

    Дарвоқе, бугун бутун дунё жиддий синовни бошдан ўтказмоқда. Чегарабилмас коронавирус инфекцияси, афсуски, бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бу касалликка қарши курашиш ва унинг оғир оқибатларининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан кескин чора-тадбирлар кўрилмоқда.

    Яқин кунлар ичида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.

    Ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарма тузилди. Коронавирусга қарши курашиш ишларига қарийб 5,5 минг нафар тиббиёт ходими жалб этилган. Уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиниши белгилаб қўйилди.

    Кўриниб турибдики, айни пайтда тиббиёт ходимлари зиммасига жуда катта масъулият юкланмоқда. Уларнинг шижоатига, жасорати ва фидойилигига ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтожмиз. Тиббиёт муассасалари жамоаларининг ўзаро аҳиллиги, ташаббускорлиги айни пайтда жуда муҳим.

    Н. Абдуллахонов 24 март куни видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар, қабул қилинган янги қонунлар ҳақида сўзлаб, жамоа аъзоларини мамлакатимиздаги карантин ҳолатида аҳолини ижтимоий ва тиббий ёрдам жиҳатидан қўллаб-қувватлашга ундади, юқоридаги фармон мазмун-моҳияти хусусида батафсил маълумот берди. Бу синовли кунлардан халқни эсон-омон олиб ўтишда давлатимиз раҳбарларига, масъул идоралар вакилларига камарбаста бўлиш ҳар бир фуқаронинг чин инсонийлик бурчи эканини таъкидлаб ўтди.

    - Президентимиз кечагина “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзоладилар, - деди у ўз сўзи давомида. - Қарорга мувофиқ, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган,  зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди. Яъни, врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм, бошқа ходимларга – 5 миллион сўм. Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

    Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади. Ушбу тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади.

    Мен шифокорларни давлатимиз раҳбарининг чин қалбдан айтган ушбу сўзларини ёддан чиқармасликларини хоҳлар эдим: «Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда. Ҳурматли тиббиёт ходимлари, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман!».

    Айтиб ўтиш жоизки, карантин муносабати билан бир неча кундирки, Наманган вилоятида, айниқса шаҳарда кўплаб саховатли тадбиркор ва фуқароларимиз ҳиммат ва  фидоийликда барчага ўрнак ва намуна бўлиб турибдилар. Энг муҳими, халқимиз дуода. Худо хоҳласа, бу оғир синовни матонат билан енгиб ўтамиз!

    Санжарбек ҲАМИДОВ.

     

     

    Манба : namangantoday.uz