• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    Тарихни ўрганишда янада уйғоқ, янада фаол бўлишимиз лозим

    • Қўшилди :
      28.07.2020
    • Кўрилди
      3
    Тарихни ўрганишда янада уйғоқ, янада фаол бўлишимиз лозим

    Хайрулло Бозоров: тарихни ўрганишда янада уйғоқ, янада фаол бўлишимиз лозим

    Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Тўрақўрғон тумани «Яккатом» МФЙдаги «Хўжа калон Абдулмоний» жомеъ масжидида кечаётган қурилиш – таъмирлаш ишларини ҳам бориб кўрди.

    Водийдаги ноёб, қадимий жойлардан бири ҳисобланган мазкур мажмуада музей, кутубхона, ҳунармандлар марказини ташкил этиш режалаштирилган.

    Абдулмоний ҳазратлари илму зиё йўлида эл эъзозига эришганлар. Таърифланишича, салобати билан одамларни эзгуликка етаклаган диний илмлар бобида забардаст эшоннинг чеҳрасидан улуғворлик ёғилган. Ул зот ҳозир номи қўйилган жомеъ масжиди ортидаги қабристонга дафн этилган. Даврининг уламоларидан ҳисобланган Каромат эшон (ХХ аср) Абдулмонийхон сўнги манзилгоҳини ҳар зиёрат қилганида унинг беназир инсонлигини таъкидлар экан.

    Сағананинг олдидаги иморат ўша вақтдан бери чиллахона. Манбаларга кўра мазкур бинонининг барпо бўлиши Қўқон ҳукмдори Худоёрхон ташаббуси билан боғлиқ.
    Ушбу бино ва мақбара айни кунда кўҳна кўркини сақлаган ҳолда шу ҳудуд савобталабларининг беминнат ёрдами ва кўмаги билан яна муаззам қиёфага кирмоқда.

    Вилоят раҳбари мажмуани кўздан кечирар экан, бу ерда сақланаётган қарийб 3 асрлик нодир қўлёзмаларни тегишли тартиб - қоида талабларига мувофиқ, белгиланган ҳароратда сақланишига эътибор қаратиш, бундай масканлар ҳеч қачон унутилмайдиган, ҳеч қандай куч биздан тортиб ололмайдиган буюк ўтмиш, қудратли маънавий бойлигимиз эканлигини таъкидлади.

    - Тарбия ўчоғи ҳисобланмиш бу каби гўшаларга қадам қўйган ҳар бир инсон миллатимизнинг аслиятида бўлган олий маънавий фазилатларни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш учун мана шундай улуғ алломалар маърифатидан руҳий тарбия ва ибрат олади. Ҳаммамиз аждодлар меросини ўрганишда янада уйғоқ, янада фаол бўлишимиз лозим.

    Тарихга теран нигоҳ билан қараган одамгина доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшайди. Бугунги вазиятга ҳам, келгуси жараёнларга ҳам холис ва ҳаққоний баҳо бера олиши эса ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, баркамол шахс камолоти ва юксак тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартидир, - деди Хайрулло Бозоров.