• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    КАМЁБ ҲУНАР УСТАСИ

    • Қўшилди :
      17.07.2020
    • Кўрилди
      3
    КАМЁБ ҲУНАР УСТАСИ

    Кужрон маҳалласида яшовчи Самижон Маҳмудовнинг отлар учун жиҳозлар тайёрлаётганига 25 йилдан ошди. Мазкур ҳунар билан ўзи шуғулланиб, рўзғорини тебратиш бараварида бош фарзандига ҳам ўргатган.
    - Ўқувчилигимдан буён отлар учун эгар-жабдуқ, тўқим, айил, ёпқич, нўхта сингари буюмлар ясайман, - дейди Мирзабек Маҳмудов. – Ишимиз кўп қунт ва сабр-тоқат талаб қилади. Айниқса, эгар ясаш қийин – уни тол ёки ёнғоқ дарахтидан чопиб шаклга солишга камида бир ой фурсат кетади. Лекин ҳунаримни яхши кўрганим учун қийинчиликларига эътибор бермайман.Таъкидлаш керакки, Муҳмудовларнинг ўзига хос тадбиркорлиги бошланганига чорак аср тўлса-да, сезиларли даромад топа бошлашганига 2 йил бўлди, холос.
    - Маҳалладошимиз машаққатларига қарамай севимли ҳунарини эъзозлаб келяпти, - дейди Кужрон маҳалласи раиси Бодомхон Жалилова. - Оила соҳибининг мазкур ибратли тутуми туфайли фарзандлари меҳнатсевар, сабр-тоқатли бўлиб улғайишди.
    - Ишимни яхши кўришимнинг яна бир сабаби - унинг ортидан фойдали меҳнат билан бандман, - давом этади Мирзабек. – Бундан ташқари, топган даромадим ортидан ҳам ота-онамнинг хизматларини қиляпман, ҳам рўзғоримни тебратяпман. Ҳатто, ишонсангиз, ҳунаримнинг мавсумий эканлиги ҳам рўзғоримизга фойда келтиряпти: томорқада ишлашдан бўш вақтларимда тоққа чиқиб, эгар учун яроқли дарахтларни кесиб келаман. Ёз бўйи уларни яхшилаб қуритамиз. Қиш фаслида ҳамма мавсумий ишчилар дам олганида эса бизнинг бозоримиз қизийди. Илгари фақат тўрақўрғонлик ва бошқа туманларда яшовчи от ишқибозларига хизмат кўрсатардик. Ясаган буюмларимиз сифатли эканлиги тўғрисидаги хабарлар бошқа вилоятларга ҳам етиб боряпти, шекилли, бир-икки йилдан бери Жиззах ва Тошкент вилоятидан ҳам буюртмалар олаяпмиз.
    Самижон ака ва Мирзабек бир неча шогирдлар чиқаришди. Лекин юқорида айтганимиздек, ушбу ҳунар кўп вақт ва сабр-тоқат талаб этгани ва фақат мавсумий даромад келтиргани учун уста даражасига етишни хоҳловчилар олдин ҳам кам эди, ҳозиргача-да кўпайгани йўқ. 27 ёшли Мирзабек эса севимли ҳунари билан бутун умр шуғулланиш ниятида изланяпти. Маҳалла яқинидан ўтувчи Наманган-Чуст йўналишидаги автомагистрал бўйида отлар учун жиҳозлар ясаш устахонаси очиш режаси деярли тайёр.
    М. Маҳмудовга ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлса, унингдек қадимий анъаналаримизни эъзозлаётганларга бериладиган имтиёзлардан фойдаланиб, тадбиркорлигини янада ривожлантириши мумкинлиги ҳақида маълумот бердик.

    Суратда: камёб ҳунар устаси Самижон Маҳмудов билан маҳалла раиси Бодомхон Жалилова устахонани кенгайтириш мавзусида суҳбатлашишаётган пайт.