• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    Кўчалари узумзорга айланган маҳалла

    • Қўшилди :
      10.06.2020
    • Кўрилди
      18
    Кўчалари узумзорга айланган маҳалла

    1-СЕКТОР МИҚЁСИДА КЎРГАЗМАЛИ
    СЕМИНАР ТАШКИЛЛАНДИ.
    Хўжанд маҳалласининг бир неча кўчаларига борган одам, тўғриси, ўзини ўзгача дунёга тушиб қолгандек ҳис этади. Чунки кўчани тўлалигича энлаб, баланд ҳолда тортилган сўрилар атрофга бошқача манзара берган. Аниқроқ айтганда, кўча том маънода узумзорга айланган. Муҳими, улар шу қадар қаторлаштириб мева тугганки, кузда беражак ҳосил чўғини ўйлаб, беихтиёр ҳайратланмасдан иложингиз қолмайди. Бу эса тинимсиз меҳнат ва изланишдан дарак беради.
    Бугун ташкилланган семинар баҳонасида хонадонлардаги шароит билан танишган меҳмонлар хўжандликларнинг томорқадан унумли фойдаланаётганликларини кўриб, ҳавас қилдилар. Ахир ҳар бир оилада узумчиликдан ташқари, мева-сабзавотчиликка алоҳида эътибор берилган. Чорвачилик билан бирга гулчилик ҳам ривожланмоқда. Айниқса, Рустамжон Боййигитов, Рустамжон Аҳмедов, Маъсуда Нозимова, Нуриддин Азимов, Ҳамида Аҳмедова, Ёқубжон Ҳидиров, Насирдин Шарофиддинов, Эътибор Мирзаакбаровалар оилаларида бўлганларга орасталикдан тортиб хонадон аъзолари учун яратилган шароитларгача, барчаси манзур бўлди.
    - 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудимизда кам таъминланганлар сонини тобора озайтиришга уриняпмиз, - дейди маҳалла раиси Икромжон Исоқов. - Бунга эса тадбиркор маҳалладошларимиз тажрибасини оммалаштириш орқали эришяпмиз. Чунки ҳаракатчан, ишнинг кўзини биладиган юртдошларимизнинг рўзғор юритишларини ўрганган одам ҳеч қачон пулга, бошқа бировнинг кўмагига муҳтожликни сезмайди.
    Ҳақиқатан, ҳудуддаги хонадонларни айланар эканмиз, ҳар бир оиланинг ўзига тўқ яшаши шундоққина кўзга ташланиб турарди. Зеро, қаторлаштириб солинган замонавий иморатлар, болалар-у катталар учун алоҳида-алоҳида хоналар, ошхона ва ҳаммом - буларнинг бари тўкин ҳаётни ўзида акс эттирган.
    1-сектордаги мазкур ҳудудни намуна сифатида кўрсатган туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова мана шундай оилалар сафи кенгайса, камбағаллик албатта, барҳам топишини алоҳида таъкидлади.
    - Ишонаманки, - деди туман раҳбари. - Бундай қулай шароитларда яшаётганлар орасидан боқиманда инсон шаклланмайди. Улар меҳнаткаш ва аҳил ўзбек халқининг ҳақиқий тимсолларидир.
    Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.