• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    ТИЛАГИМИЗ, БОШИНГГА ЎША КУНЛАР ТУШСИН!

    • Қўшилди :
      15.07.2020
    • Кўрилди
      3

    Бугун ижтимоий тармоқларда ўта пасткашлик, жирканчлик ва маддоҳлик билан ёзилган бир мақола тарқалди. Эмишки, Тўрақўрғон туманида коронавирус касалига чалинганлиги гумон қилинган, енгил даволаниш курсини ўтаган ёки шу дардни юқтириб, вафот этган шахслар номига ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳар бирига давлат ҳисобидан 30-35 миллион сўмдан маблағ чиқим қилинаётган эмиш.

    Кейинги пайтларда интернет тармоқларида туман ҳаётига оид муаммолар акс этган ҳар хил бўлмағур гаплар ёзилди. Майли, буларга бир амаллаб чидадик, асослисига жавоб бердик, панада туриб шахсини яшириб, томоша кўраман, деб турган “кўринмас одам”ларгаям инсоф тилаш билан кифояландик. Аммо, бугунгисига - инсон зотини ер юзидан қириб юборгудек ваҳима уйғотаётган коронавирус пандемияси шароитида бунга асло тоқат қилиб бўлмайди.

    Ҳой, тролмисан, бошқамисан, қандай асоссиз, туҳмат гапларни халққа тарқатяпсан, ноинсоф? Билмасанг, билиб қўй, Тўрақўрғон туманида пандемия даврида вирусдан ўта оғир ҳолга тушган бемор ҳам, шундайларни даволайдиган муассаса ҳам йўқ. Ўша 15 мартдан буён, аниқроғи, 29 майда биринчи марта касаллик аниқланиб, ҳозиргача 24 нафар тумандошимизда коронавирусга чалинганлик ташхиси қўйилиши билан вилоятдаги юқумли касалликлар шифохонасига юборилган. Фақатгина улар билан мулоқотда бўлган 331 нафар фуқаро туман юқумли касалликлар шифохонасида карантинга олинган. Бу вақт мобайнида улар тиббий кузатувда бўлиб, озиқ-овқатидан тортиб мутлақо бепул хизмат кўрсатилди. Ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмади, фақат рўйхат шакллантирилди. Қон босими, қандли диабет ва шунга ўхшаган орттирилган хасталиги бор беморларгагина дори-дармон берилди, бу ҳам мутлоқо бепул.

    Оммавий ахборот воситаларида кузатяпмиз, дунёнинг манаман деган давлатларида ҳам касалликни жиловлаб бўлмаяпти. Бойлигини қаерга сарфлашни билмаётган бойлар коронавирус юқтириб олиб, дардига даво тополмаяпти. Бизда-чи, Президентимизнинг жонлари ҳалак, қандай қилиб халқимни омон сақласам деб. Бу карантин шифохоналари қурилиши, беморларга сарфланаётган пулларнинг чеки йўқ. Қандайдир туҳматчи эса йўқ рақамлардан ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган тупроқ макони шаънига таъна тошларини отиб, обрўсизлантиришга уринмоқда.

    Қани, гапингни исботлай олсанг яна чиқ ўша “трол.уз”га, кўриниш бер. Аммо, сени аввало Яратган Аллоҳнинг ўзи кўриб турибди. Қолаверса, шу касалликни юқтириб олиб, ҳаётидан умидини узган, шукурки, давлатимиз ғамхўрлиги ва шифокорларнинг кураши натижасида омон қолганлар қарғишига қолдинг.

    Тўрақўрғон муқаддас гўша, Ҳизр назар қилган, тўралар юрти. Шуларнинг руҳи-арвоҳи урсин сени ва шубҳасиз шаънингни лаънатлаётган бўлиши керак. Бу пасткашлик, ношукурликнинг икки дунёда ҳам албатта жавоби бор.

    Тилагимиз, бошингга шундай кун тушсин, ўзингда синаб кўр, зора, тавба қилсанг, тазарру қилсанг! Бугунги қилмишингга бошқа тилак вожиб эмас!

    ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИ ФАОЛЛАРИ.