• |ДАВЛАТ РАМЗЛАРИ:
  • |
  • |
  • |
  • | 11:51:00 (GMT+5)   06.09.2019 |
  • Манзил Қайта алоқа

    Тўрақўрғон тароватини топтаманг

    • Қўшилди :
      19.05.2020
    • Кўрилди
      16
    Тўрақўрғон тароватини топтаманг

    Эрталаб ишга келаётиб, «Макро» савдо маркази олдига экилган гуллар топталиб ётганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетди. Кечагина яшнаб турганди-я! Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари уни кўкартириш, кўзимизга гуркираб турган ҳолда кўрсатиш учун ҳар куни куймаланишарди. Баҳорнинг изғиринли шамолларидан, ёмғир-у жалаларидан, қуёшнинг оловдек тафтидан асраб-авайлаб шу даражага етказилган ўсимликларни кимлар эзяпти? Нега эътибор бермаяпмиз? Нима учун тартибга чақирмаяпмиз? Балки ушбу гўзалликни шунчаки босиб кетаётганлар Тўрақўрғонимизнинг чиройли кўриниши учун қанча маблағ ва меҳнат сарфланаётганини билишмас? Аниқ маълумот олиш учун мутасаддиларга мурожаат этдик.
    - 115 нафардан ортиқ ходимимиз туман марказидаги йўллар ёқаси, хиёбонлар, кўп қаватли уйларнинг олд қисмини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш билан шуғулланади, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Элёржон Турғунов. - Жорий йилда 100 минг тупга яқин турли гул ва 4 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу ишларга давлат бюджетидан 97 миллион сўм сарфланди. Биз бутун жамоамиз билан яратган гўзаллигимизни яшнатиш ҳаракатидамиз. Лекин, айримлар катта меҳнат эвазига эл кўзига кўрсатилаётган кўркамликнинг қадрига етишмаяпти. Туман тиббиёт бирлашмаси орқа томонидаги, туманимизга кираверишдаги “Балиқхона” худуди, «Макро» савдо маркази ҳамда собиқ трактор таъмирлаш заводи атрофидаги 4-5 минг туп гул кўчатларини эзғилаб ташлашди… Меҳнатларимизни менсимаётганлар орасида ҳатто давлат хизматчилари ҳам борлиги, айниқса, ҳафа бўларли.
    Эҳ, одамлар! Аксариятимиз соат 8 га ишхонамизга етиб келамиз. Бу пайтда йўл ёқаларидаги гулзорларда мўъжаз фонтанлар отилиб, очилиб турган гулларга ўзгача жозиба бағишлаётган бўлади. Шошилиб қадам ташлаётиб, атрофимизнинг ана шундай кўркамлиги учун туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари эрталабги соат 6 дан бошлаб уринишини, ушбу ҳаракатлар куннинг иссиғида ҳам ва ҳатто биз кунлик фаолиятимизни якунлаб уйга қайтиб, дам олаётганимизда-да давом этишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
    Бу қадар лоқайдлик қилмайлик. Келинг, бугундан, йўқ, ҳозирдан бошлаб эътиборлироқ бўлайлик. Туманимиз марказини яшнатиб, кўзимизни қувнатишдек оддий ва олий ниятда куймаланаётган фидойилар меҳнатини қадрлайлик. Бунинг учун биздан ортиқча ҳеч нима талаб этилмайди. Кимдир гуллар ва майсаларни босаётганини кўрсангиз, «Ҳой, эринчоқ одам, гулзорни топтаманг, пиёдалар йўлагидан ўтинг! Оёғингиз тагида 100 нафардан ортиқ кишининг меҳнати, давлатимизнинг миллионлаб сўм маблағи ётибди, бу ишингиз билан катта гуноҳ қилаётганингизни англаб етинг», дейлик. Токи Тўрақўрғонимиз тароватига путур етмасин.