Санъатни, адабиётни, маънавиятни севган болажонлар
Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Ибрат XIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган, араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Шу билан бирга, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини чуқур ўрганган.
Бу улуғ маърифатпарвар инсон кўплаб илмий, педагогик ҳамда бадиий асарлар яратган, ўз қишлоғида янги мактаб ва кутубхона очган, аҳоли учун замонавий боғ барпо қилган, ҳозиргача ғоят ноёб ҳисобланадиган олти тилли луғат яратиб, ўз босмахонасида чоп эттирган.
Унинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
7-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб ўтган “Маънавият-қалб кўзгуси” деб номланган тадбир ҳам Ибрат ҳаёти ва фаолиятига бағишланди. Унда болажонлар фаол қатнашиб, саҳна кўринишлари, шеър ва қўшиқлар ижро этишди.
Тарбияланувчиларга маънавият улашиш муассаса остонасидан бошланиши бу ерга қадам ранжида қилган ҳар қандай инсон кўнглида дарҳол туғилади. Чиройли безатилган, саранжом-саришта боғчани севмай бўладими? Болажонлар муассасага шунчаки келиб-кетмаслиги тадбир давомида намоён бўлди, улар адабиётни, санъатни, маънавиятни ўрганишмоқда.
Тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят ва туман бўлимлари раҳбарлари Мусохон Аппоқов, Маъсудахон Бегматова, вилоят мактабгача таълим бошқармаси маънавият бўлими бошлиғи Отабек Мақсуджонов иштирок этишди. Мусохон Аппоқов бахтли болалик гаштини сураётган ўғил-қизчаларга, уларнинг тарбиячиларига миннатдорлик билдирди. Фаол ходимлар эса рағбатлантирилди.