Тўрақўрғон тумани маданият марказида сувни тежаш технологияларидан самарали фойдаланиш мавзусида вилоят миқёсидаги ўқув-семинари бўлиб ўтди

Бу йил Наманган вилоятида 20544 гектар майдондаги экинларни ана шундай усулда парваришлаш режалаштирилган. Шундан 11500 гектари пахта, 3700 гектари боғ, 2,5 минг гектари токзор ва ҳакозо.

Маълумки, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғорилганда нафақат сув тежалади, балки ўсимлик талабига кўра об-ҳаёт берилиши, тупроқда сувнинг яхши буғланиши, ўсув даврида ўғит солиш учун техникага зарурат туғилмаслиги, қўл меҳнатининг камайиши, ёқилғи ресурсларнинг иқтисод қилиниши, тупроқ эрозияси бартараф бўлиши, ерости сувларининг сатҳи кўтарилмаслиги, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши каби бир қатор самарадорликка эришилади. Шунинг учун ҳам дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида аллақачон тежамкор усулларга ўтилган.

Барча туманларнинг соҳа мутахассислари иштирок этган семинарда Сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси Бекзод Холмуроджонов, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари миллий тадқиқот университети доценти Баҳодир Амонов ва бошқалар мавзуга оид кўрсатма ҳамда маърузалар орқали маълумотлар беришди.