Бугун маърифатпарвар шоир, атоқли тилшунос, тарихшунос олим, илк ўзбек матбаачиларидан бири, публицист ва прогрессив педагог Исҳоқхон Ибрат таваллуд топган кун

Шу муносабат билан Тўрақўрғон тумани марказидаги унинг номи билан аталувчи мажмуада хотира тадбири бўлиб ўтди.

Туман раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар вакиллари Исҳоқхон Ибрат ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, унинг хотирасини ёд этишди.

Йиғилганлар у ҳақидаги маълумотларни яна бир бор дилга жой этишди. Дарҳақиқат, Ибрат 1862 йилда Наманганга яқин Тўрақўрғон қишлоғида боғбон оиласида туғилди. У ёшлигидан илм олишга интилди, чет эл сафарида бўлди: Истамбул, София, Афина, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида, Шарқнинг Қобул, Жадда, Макка, Калькутта, Бомбай каби йирик шаҳарларида истиқомат қилди.

Ибрат ўқитувчи кадрлар тайёрлаш, хотин-қизларни илм-маърифатга жалб қилишда фаол қатнашди ҳамда ижодий иш билан машғул бўлди.

Исҳоқхон тўранинг ўзига «Ибрат» тахаллусини олиш боиси шундаки, у ижодининг дастлабки йилларидан бошлаб маърифатпарвар шоир, олим сифатида ном чиқарди ва замона илмидан, илғор маданиятдан ўрнак олишга, ибрат олишга чақирди.

Шунинг учун ҳам Ибрат ҳозирги авлодлар учун чинакам ибрат мактабини яратган инсон сифатида яшамоқда.