Тўрақўрғон туманида 2022 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди
“Аҳмаджонов Абдуллажон” фермер хўжалигида ташкилланган семинарда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков, секторлар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туманлар ҳокимлари ҳамда чигит экишга масъул бўлган вилоят бошқарма ва идоралари мутасаддилари иштирок этишди.
Вилоятда жорий 2022 йилда 63 минг 406 гектар майдонда 253 минг 624 тонна пахта хом-ашёси етиштириш белгиланган. Мутахассисларнинг фикрича, март ойида бўлиб ўтган ёғингарчиликлар оқибатида тупроқда етарли табиий нам ҳосил қилинди. Бундан оқилона фойдаланиб, чигитни тупроқнинг табиий намига экиб, ундириб олиш чораларини кўриш зарур.
Ерларни экишга тайёрлаш ишларини тунда амалга ошириш, пушта олинган майдонларда пушта устини 10-12 см чуқурликда осма бороналар билан юмшатилиб, эрта тонгдан экиш ишларини амалга ошириш яхши самара беради.
Бунинг учун баҳорги дала ишларида қатнашадиган техника ва агрегатларни яна бир карра кўздан кечириб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда олимлар томонидан ишлаб чиқилган долзарб тавсиялар асосида иш ташкил этиш зарур.
Семинарда, шунингдек, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, дала майдонлари четларини бўш қолдирмаслик, барча агротехник қоидаларга амал қилиш бўйича мутахассисларнинг тавсия ҳамда кўрсатмалари тингланди.