Ахсикент - водий туризм оханрабоси
У минтақанинг ўзига хос Регистони бўлади, деган эди Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифида
Қадимги Фарғона давлатининг пойтахти милоддан аввалги III-II асрлардан то милодий эранинг IX асрини ўрталаригача Фарғона (хитойча ”Юань”), милодий эранинг IX асрининг ўрталаридан - XI асрнинг ўрталаригача манбаларда Ахсикат, нумизматик материалларда эса Фарғона-Ахсикат, XI асрнинг иккинчи ярмидан - мўғуллар босқинигача Ахсикат, Умаршайх Мирзо ва Бобур Мирзо даврида Ахси, баъзида Ахсикент деб, аталган.
Ўзбекистонниг қадимий шаҳарлари Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Шаҳрисабз ва Қува сингари Ахсикат ҳам мўғуллар босқинидан кейин ўз жойини ўзгартирган, яъни шимолий-ғарб томонга силжиган.
Лекин жойини ўзгартиргани билан Ахсикат бошқа шаҳарга айланиб қолмаган, у Ахсикат шаҳри сифатида қолган. Ахсикат мўғуллар босқини ва XIII асрнинг иккинчи ярмидаги Мовароуннаҳрда юз берган мўғулларга қарши норозиликларни бостирилиши даврида буткул вайрон этилган.
Буларни тасдиқовчи қуйидаги археологик далиллар мавжуд. Хусусан, Эски Ахси ёдгорлигининг 2 та объектида (XI, XVIII) очилган Қорахонийлар даврига оид деворий расмлар билан безатилган маҳобатли турар жойлар мўғуллар даврида вайрон этилганлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ушбу биноларнинг қисман пойдеворлари, ёниб улгурмаган ёғочлари ва деворий расмларга эга қатлам-қатлам сувоқ уюмлари сақланиб қолган, холос.
Қазишмалар даврида XI-XII асрларга оид тангалар ва XII асрнинг охири - XIII асрни биринчи чорагига таълуқли сопол идишлар топилди. 2019 йил Ахсикатнинг рабод қисмидаги XXIV объектда ҳам Қорахонийлар даврига мансуб маҳобатли турар жой қолдиқлари топилди.
Бинонинг асосий қисмидан биргина ташнав ва уюм-уюм пишиқ ғиштлар қолган. Лекин пишиқ ғиштлардан қурилган тагхоналари яхши сақланган. Шуни таъкидлаш жоизки, Эски Ахси ёдгорлиги худудида олиб борилган қазишмалар даврида бирон-бир жойда Темурийлар даврига оид архитектура қолдиқлари топилмади. Бундай топилмалар 1980 йилларда Якка Йигит қишлоғи худудида сақланиб қолган Янги Ахси ёдгорлигида олиб борилган тадқиқотларда қўлга киритилган. Демак, Эски Ахси ва Янги Ахси топонимлари битта Ахсикат шаҳарининг турли даврларга оид харобаларига маҳаллий халқ томонидан берилган номлардир.
2023 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси Миллий Археология институти археологлар ҳар икки манзилда қазишма ишларини олиб борадилар.
Бундан ташқари очиқ осмон остидаги музейлар сони кўпайтирилиб, ташрифчилар учун инфратузилма яратилади.
Бу манзиллар тарихий ва зиёрат туризмини янада ривожлантиришда, Наманганга сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Медиа Департапент