- Ахсикентда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, археологик қазишмалар кўлами ва миқёси билан барчани ҳайратга солмоқда, - дейди Ахсикент археология паркида бир гуруҳ зиёлилар билан бўлган  Қонунчилик Палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов, - Ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллигидан сўзловчи бу маскан асл тарихимизни очиб берилишида муҳим манба-асос бўлиб хизмат қилаётир. Ахсикентда илмий кенгаш ташкил этиладиган вақт келди. Ахсикент бўйича ўндан ортиқ номзодлик диссертациялари ёқлангани сўзимизга далилдир.

Ахсикент 1885 йилда Николай Веселовский томонидан ўрганила бошланган. 1913 йилда Жозеф-Антуан Кастанье, 1939 йилда Михаил Массон қазишмалар билан шуғулланди.

1960 йилдан академик Яҳё Ғуломов бошчилигида қазишма ишлари амалга оширилган. 1978 йилдан бери эса профессор Абдулҳамид Анорбоев бу ишларга бош бўлиб келмоқда.

Умумий майдони 131,2 гектарни ташкил этувчи археология паркида 24 та объект ўрганилган, 10 мингга яқин артефактлар топилган. Ҳозир тўртта очиқ осмон музейлари барпо этилмоқда.