Қонунларимизда яна бир муҳим янгилик
2024 йилнинг 21 ноябрида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик-процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида ҳам бир қатор ўзгаришлар акс этди, дедик. Хусусан, у 201-1-модда билан тўлдирилиб, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Жиноят-процессуал кодекси 204-1-модда (Электрон маълумотлар) ҳамда 204-2-модда (Рақамли далиллар) билан тўлдирилди. Шуларга асосланган ҳолда электрон маълумотлар ўзи нима, деган саволга жавоб бермоқчимиз. Демак, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.
Хуллас, мазкур Қонун мамлакатимизда инсон ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши учун тенг имкониятлар яратишда, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш орқали ҳуқуқ ва эркинликлар самарали ҳимояланишини таъминлашда биз учун дастуриламал бўлади.
Мирмуҳаммад Мирхайдаров, Наманган туманлараро маъмурий судининг судя ёрдамчиси.
Муҳаммадсодиқ Рахимов, Наманган вилоят маъмурий судининг судя катта ёрдамчиси.