Мол-мулк ва ер солиғингизни тўладингизми? Тўламаган бўлсангиз, шошилинг? Акс ҳолда ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня ҳисобланади!
Ўзини ҳурмат қилган, инсофли солиқ тўловчилар солиқ тақвимининг барча саналаридан хабардор. Солиқларни фақат тадбиркорлар ёки корхона ва ташкилотлар тўлайди, деб фикр юритиш нотўғри. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасига мувофиқ: “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”. Жисмоний шахслар тўлаши керак бўлган солиқларга мол-мулк ва ер солиғи киради. Ушбу солиқлардан тушадиган тушумлар маҳаллий бюджетнинг манбаи ҳисобланади. Мазкур маблағлар ободонлаштириш, ижтимоий объектлар ва стратегик муҳим соҳаларни ривожлантиришга сарфланади. Шу сабабли, фуқароларнинг солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариши ва маҳаллий ҳокимиятларнинг мақсадли харажатлари – бу жамиятнинг хавфсиз, фаровон ва илғор ҳаёти кафолатидир. Эслатиб ўтамиз: 2020 йилдан бошлаб мол-мулк ва ер солиғи тўловчиларга қулайлик яратиш учун икки тўлов санаси белгиланган. Бу янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 423- ва 440-моддаларида акс этган: “Солиқ даври учун солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади.” Ҳурматли солиқ тўловчилар! Давлат солиқ қўмитаси Сизларга қулайлик яратиш мақсадида ер солиғи ва мол-мулк солиғини уйдан чиқмай, масофадан туриб тўлаш имкониятини тақдим этади. Замонавий технологиялардан фойдаланинг! Мазкур солиқларни банк кассаларидан ташқари, қуйидагилар орқали масофадан тўлаш мумкин: – СОЛИҚ мобил иловаси; – мй.солиқ.уз сайти; – мобил тўлов иловалари. Муҳим эслатма: жисмоний шахслар ҳисобланган солиқларни белгиланган муддатда тўламаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня ҳисобланади ва суд орқали мажбурий ундирувга қаратилади! Шундай экан, Сиз ўз мажбуриятингизни шу бугуноқ адо этинг! Зеро, вақтида тўланган солиқлар ҳотиржамлик гаровидир!
ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАН ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ.