#муносабат

Янги имкониятлар – янги марралар

Муҳтарам Президентимиз “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказган йиғилишларида техникумлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб, муаллим ва усталарнинг малакасини, мавқеини ошириш бўйича ҳам янги ташаббусларни илгари сурдилар.

Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Эндиликда техникумларда ҳам олийгоҳлардаги каби илмий даража ва унвонлар учун устамалар тўлаш йўлга қўйилади. Техникум билан дуал таълимни йўлга қўйган корхонага имтиёзли кредитлар берилади.

Шунингдек, муҳтарам Юртбошимизнинг “Мени ташвишга солаётган масала-ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар бу ишни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди”, деган фикрлари барчамиз учун муҳим йўналиш бўлди. Келгуси йилдан 9-синф битирувчиларининг 50 фоизи техникумларга қамраб олинади.

Албатта, мамлакатимизда таълим соҳасига бу даражада эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки таълим сифатини ошириш-Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.

Гулчеҳра Қаюмова,Тўрақўрғон тумани 2-сонли политехникуми директори,“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси