МАҲАЛЛАДА ИМКОНИЯТЛАР КЎП, УНДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЛОЗИМ
Бугун Ўзбекистонда маҳалла тизимига бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Зеро, бу аҳоли билан бевосита ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмидир. Халқ билан мулоқотнинг бундай усулини бошқача қилиб маҳаллабай ишлаш тизими деб атаяпмиз.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган маҳаллабай ва фуқаробай иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда жамиятимиздаги барча соҳалар учун энг самарали йўл эканлиги ўз исботини кўрсатмоқда.
Туман маданият марказида ташкил этилган шу мавзудаги семинарда туманимиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этишди. Унда маҳаллабай тизимининг самаралари, эришилган натижалар, навбатдаги вазифалар ҳақида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов таҳлилий маълумот берди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш миллий ассоциацияси вилоят бўлими раҳбари Икромжон Каримов қатнашиб, Жамоат фонди томонидан эълон қилинган навбатдаги грант танловларида маҳаллалар ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари, ғолиблар сафидан ўрин олиб, ажратиладиган маблағлар эвазига хайрли ишларни амалга оширишларини тавсия этди.