Вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳотамов Тўрақўрғонда сайёр қабул ўтказди
Унда вилоятимиз туманларидан келган фуқаролар ўзлари дуч келган муаммолар юзасидан вилоят прокурорига мурожаат қилдилар.
“Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ойдина Валиева таниши бўлган аёлга 2019-2020 йилларда жами 22 миллион сўм маблағини қарзга берган. Аммо, қарз олувчи ҳозиргача турли баҳоналарни рўкач қилиб, пулни қайтармай келяпти. Мурожаатчи унга нисбатан қонуний чора кўриб, маблағини олишда ёрдам сўради.
Паст Найманча маҳалласида яшовчи Шаҳноза Собирова собиқ турмуш ўртоғидан бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент пулларини олишда сарсон бўляпти. Отанинг қарзи 15 миллион сўмга етди. Вилоят прокурори бу иш бўйича туман МИБ раҳбарига алоҳида топшириқ берди.
Абдурашид Каримов Давлатобод туманидаги “Иссиқлик энергия монтаж” МЧЖда ишлаб, маошини ололмаётгани, шаҳандлик З. Мамажонова фарзандига тан жароҳати етказган кимсага қонуний чора кўрилмаётгани бўйича мурожаат қилди.
Албатта, ҳар бир масалани ҳал этишда аввало қонунга итоат қилинади. Бугун ҳам шу тарзда иш олиб борилди. Мурожаатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилади ва ҳал этилади.