Коррупция: Даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқдир
Тўрақўрғон туман давлат солиқ инспекциясида “Коррупция - тараққиёт кушандаси” мавзуида семинар-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари, инспекциянинг шахсий таркиби иштирок этди.
Тадбирда сўз олган туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Азбеков, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш.Эргашев коррупция башариятнинг маънавий ва моддий тараққиётига жуда катта тўсиқ бўлаётганлиги, бу бало бугунги кунда ҳам инсониятни ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бири эканлиги, унга қарши барча бирдек курашмоғи лозимлигини таъкидлади.
Йиғилишда туман ИИБ ТБ катта терговчиси, капитан А.Ҳакимов коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи омил ва сабаблар, шарт-шароитларни аниқлаш, олдини олиш, бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини кўрсатиб ўтди.
Таъкидланганидек, давлатнинг жаҳондаги обрў-эътиборини белгилашда коррупцияга қарши курашиш даражаси ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, ҳар бир ходим солиқ тўловчилар, фуқаролар билан мулоқотда “Касб одобномаси” талабларига риоя қилиши, амалдаги қонунларимиз талабларидан четга чиқмасликлари, ҳушёр ва огоҳ бўлишлари уқтирилди.Тадбир якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Баҳодир ҲАМИДОВ,Тўрақўрғон туман ДСИ бўлим бошлиғи.