Хабарингиз бор, айни кунларда бутун мамлакат миқёсида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни кетмоқда. Бугун Тўрақўрғон маданият марказида 6-Наманган округ сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида ташкилланган семинар-тренинг ҳам ана шу долзарб мавзуга бағишланди.

Туманда мавжуд 59 та участка сайлов комиссиялари аъзолари учун туман адлия бўлими маслаҳатчиси Исломжон Тўлқинбоев раҳбарлигидаги ўқувда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг Конституциявий ҳуқуқи асослари мавзусида маъруза ва тақдимот бўлиб ўтди. Йиғилганлар босқичма-босқич сайлов кунига ҳозирлик, округ ва участка сайлов комиссиялари бинолари ҳамда овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, пандемия шароитида иш юритиш, муддатидан олдин овоз бериш, сайлов жараёнида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари билан ишлаш тартиблари борасида тушунчалар олдилар. Савол жавобларда ва видеороликларда ҳам кун тартибидаги мавзуда сўз борди.

- 6-Наманган округ сайлов комиссияси билан вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида участка сайлов комиссиялари аъзолари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» мавзусида секторлар бўйича ўтказилаётган семинар-тренинг эртага ҳам давомланади, - дейди туман адлия бошқармаси бошлиғи Фароғат Раззоқова. – 3 босқичли ўқувларда участка сайлов комиссияларининг барча аъзолари ўқитилади. Пировард мақсадимиз муҳим сиёсий жараённи очиқ-ошкора, шаффоф ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтишига ҳисса қўшишдир.