ЭЛЧИ АХСИКЕНТГА КЕЛДИ
Наманган вилояти ўзининг бетакрор табиати ва бой тарихий маконлари билан республикада ўз ўрнига эга маскан. Айниқса, қадимий ва навқирон Ахсикент Афросиёб билан беллаша оладиган археологик ёдгорликдир.
Манбааларда ёзилишича, Ахсикент шаҳри эрамиздан аввалги III асрда пайдо бўлган. X-XII асрлар Ахсикентнинг энг гуллаб-яшнаган даври ҳисобланиб, шаҳар уч қисмдан – арк, шаҳристон ва рабоддан иборат бўлган. 1220 йилда мўғул қўшинлари томонидан харобага айлантирилган.1620 йилда давомли кучли зилзила оқибатида аҳолисининг катта бир қисми ҳалок бўлган, омон қолганлар ён атрофга тарқаб кетган, шаҳар бундан кейин қайта тикланмаган. Бу шаҳарнинг харобалари ҳозирги вақтда Тўрақўрғон тумани, Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган.
Вилоятга келган меҳмонларнинг аксарияти албатта бу очиқ осмон остидаги музейни зиёрат қилади. Бугун АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Ахсикентга келди. Элчи жаноблари бу ернинг тарихи, обидани қайта тиклаш ва туризм манзилгоҳига айлантириш борасидаги режалар ва амалий ҳаракатлар билан танишди.
Меҳмонларга вилоят ҳокимининг ўринбосари, туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов ҳамроҳлик қилди.