31 йил паспортсиз яшадим, фарзандларим ҳужжат олаётганда “отам Россияда бедарак кетганлар”, дейишган экан
Ермасжид маҳалласида яшовчи фуқаро шунча йил деганда профилактика инспектори Ботиржон Қамбаров кўмагида шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлди.
1969 йилда туғилган Маҳаммадшокир Аҳмедов собиқ иттифоқ даврида олган паспорти билан ҳанузгача юрганди. Турли сабабларга кўра алмаштириш муддатини ҳам ўтказиб юборди. Ўзи мавсумий ишчи бўлгани учун бунга катта миқдорда жарима тўлаш ҳақида эшитиб, ҳафсаласи пир бўлди. Шу-шу “қизил” паспорт билан қолиб кетди. Ўтган йилларда янги паспортсиз қанча қийинчиликларга дуч келганини ўзи билади. Ҳатто оила қурганида ҳам никоҳ тузилганлиги ҳақидаги муҳр “метрка”сига босилган экан. Ўзининг айтишича, фарзандларига туғилганлик гувоҳномасини олишда ҳам қийналган. Ўғиллари вояга етиб ҳужжат олишаётганда отанинг паспорт маълумотлари сўралганда “Россияда бедарак кетганлар” деб баҳона қилишган экан.
Уйма-уй ҳатловда профилактика инспектори, майор Ботиржон Қамбаров фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб бориб, Ш. Аҳмедовнинг туман фуқароликни расмийлаштириш бўлимига олиб келди. Керакли ҳужжатлар тайёрлангач, мана бугун унга янги кўринишдаги паспорт топширилди.
-Мана, энди қўлимда паспортим бор. Биринчи ниятим тарихий шаҳарларга саёҳатга бориш,-дейди фуқаро.