Энг қадимий ва олийжаноб касб эгалари байрами нишонланди

Ҳар йили декабр ойида элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, яъни барча қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари байрами нишонланади.“Шаҳаншоҳ” мажмуасида шу муносабат билан катта тадбир ташкилланди. Унда Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимов, сектор раҳбарлари қатнашдилар.

“Сиз, азизларни қўшалоқ байрам билан қутлаб, жонажон юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлидаги эзгу фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман”, дея табрик сўзларини айтди туман раҳбари. Соҳанинг барча йўналишларида фидоийлик билан меҳнат қилган бир гуруҳ вакиллар Ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тўкин дастурхон атрофидаги тадбир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов, эл суйган хонанда Абдужалил Қўқонов, сўз устаси Ғайрат Аҳмедов ҳамда туманимиз санъаткорларининг чиқишлари билан файзга тўлди.