УЛУҒЛИК ВА МАРТАБАЛИК ЭГАЛАРИ, БАЙРАМ МУБОРАК!

Билимдан кучлироқ куч йўқ, дейишади донолар. Бу хулосанинг ҳақлигини устозлар мисолида кўрганимиз учун ҳам мазкур касб эгаларини беҳад ҳурматлаймиз. Келажагимиз мевалари-фарзандларимиз тарбиясини уларга ишониб топширамиз.

Дарҳақиқат, ўқитувчиликдан улуғроқ, устозликдан юқори мартаба бўлмаса керак. Ўқитувчи инсон қалбини яхшиликларга, эзгуликларга очувчи буюк зот. Дунёнинг олий минбарларидан туриб сўзлаётган ҳам, ўз ютуқлари билан Ўзбекистонни оламга танитаётган ҳам, унинг салоҳиятларини кўз-кўз қилаётганлар ҳам аввало муаллимдан ҳарф ўрганган, таълим-тарбия олган инсонлардир.

1 октябрь-Устоз ва мураббийлар куни туманимизда ҳам кенг нишонланди. Туман маданият марказида ташкилланган тадбирга соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, бугунги кунда тиним билмай фидоийлик кўрсатаётган азиз инсонлар таклиф этилдилар.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ардоқли касб эгаларини байрам билан муборакбод этиб, уларнинг шаънига энг гўзал тилакларни билдирди. Янги Ўзбекистон равнақи учун муваффақиятлар мустаҳкамланишини изҳор этди.

Байрамга ярашиқли равишда бир гуруҳ фаоллар вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими, мактабгача таълим бўлимининг Ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.