ТЎРАҚЎРҒОНДА «ХАЛҚАРО ҚИЗЛАР КУНИ» БАЙРАМГА АЙЛАНИБ КЕТДИ

“Халқаро қизлар куни”га 2011 йил, 11 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблясида асос солинган. БМТ ўсмир қизларнинг камситилишини тугатиш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришни рағбатлантириш учун ҳукуматлар, фуқаролик жамиятлари, давлат ва хусусий ташкилотларни бирдамликка чақириб келмоқда. Қисқача айтганда, 11 йилдирки, бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига (мажбурий никоҳ, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишларини таъминлаш кабилар) эътибор қаратиш 11 октябрни нишонлашга бош мақсад бўлиб келаяпти. Мустақил Ўзбекистонимизда эса қонун устуворлиги, инсон азизлиги туфайли қизларимиз давлатимиз ғамхўрлиги остида яйраб яшашяпти, таълим олишяпти, севган машғулотлари билан шуғулланишяпти, қисқача айтганда, ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланишяпти. Ана шунинг учун ҳам юртимизда 11 октябрь қизлар учун муҳим саналар қаторидан ўрин олган. Бугун туманимиздаги қизлар учун яна бир байрамга айланиб кетди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими хотин-қизлар бўлинмаси ташаббуси билан туман халқ таълими бўлими, республика маънавият-маърифат маркази туман бўлинмаси, туман Ёшлар иттифоқи, туман маданият бўлими, Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорликда қизларнинг истеъдод-у маҳоратларини намойиш этишга имконият берувчи тадбирлар ташкиллади. Ўтказилган кўрик-танловлар ва намойиш этилган кўргазмаларда уларнинг ҳар соҳада илғор эканликлари акс этди. Тўрақўрғон маданият саройида бошланган байрамда мусиқага, санъатга, адабиётга, спортга ва бошқа соҳаларга меҳри баланд қизлар ўз чиқишлари билан фаол қатнашдилар. Даврага туман маданият бўлими санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар кўтаринки руҳ бағишлади. Миллий либослар кўргазмаси ҳам намойиш этилган тантана якунида энг намунали, энг ҳунарманд, энг китобхон, энг раққоса, энг ижодкор, энг хушовоз, энг билимдон, зўр спортчи, моҳир мўйқалам устаси, тарихда қолган аёллар тимсолини яратган қизлар ҳамда уларнинг устозлари туман ҳокимлигининг Ташаккурномалари билан тақдирландилар. - Бир неча йилдирки, мазкур кун муносабати билан ташкилланаётган кўрик-танловлар, беллашувлар, кўргазмалар қизларимизга ўз иқтидорларини намойиш этиш баробарида келажаги сари тўғри йўл танлаш имкониятини бермоқда, - дейди туман ҳокимининг маслаҳатчиси Шоҳиста Қамбарова. - Бугунги “Қизлар куни” тадбирлари Манзура Абдуллаевадек Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, Дилобар Маҳмудовадек 5 та тилни биладиган билимдонлар, Гуласал Султоналиева, Дилдора Исроилжонова, Шириной Йўлдошевадек жаҳон чемпионлари, Анора Мўйдинова, Мухлиса Абдумаликовадек мусиқа ва санъат йўналишида халқаро танловлар совриндорлари қаторини янада кенгайтириши аниқ!