“Агромарафон”- қишлоқ хўжалиги келажаги эгалари учун!
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида келажак авлодни тарбиялаш, етук кадрларни тайёрлаш, ёшларнинг соҳада бандлигини таъминлаш ва шу орқали уларнинг соҳада улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ривожланган давлатлар кўп. Уларда гектаридан 2 мингдан 12 минг АҚШ долларигача даромад олинади. Бизнинг серунум ерларда эса бу кўрсаткич анча паст. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалигини жаҳон бозоридаги рейтинги ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш индексига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда соҳани ривожлантириш мақсадида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларда, айниқса, ёшлар иштирокини таъминлаш муҳим.
Республика миқёсида сентябрь-декабрь ойларида ёш фермерлар, деҳқонлар ва қишлоқ хўжалигида фаолият олиб боришга қизиққан ёшлар учун аграр соҳанинг экспертлари иштирокида ўтказиб келинаётган “Агро марафон” деб номланувчи мотивацион учрашувнинг навбатдагиси Тўрақўрғон туманида ташкилланди. Унда вилоятимизнинг барча туманларидан қизиқувчи ёшлар иштирок этиб, аграр соҳада яратилаётганлар шароитлар ва имкониятларни очиб бериш, ёш фермерлар, деҳқонлар фаолиятида дуч келаётган тўсиқлар ҳамда муаммоларни ўрганиш ва потенциал ечимлар излаш, топиш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш жараёнини жадаллаштиришдаги таклифлар тўғрисида фикр алмашиш, соҳада мавжуд ва яратилаётган имкониятлар ҳақида ёш фермерлар ва аграр соҳадаги фаолиятга қизиққан ёшларни бохабар қилиш каби бир қатор мавзуларда фикрлашилди.
Тадбирда, шунингдек, вилоятимизда фаолият олиб бораётган қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш корхоналарининг маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.