ҲАР БИР МУРОЖААТ АДОЛАТЛИ ҲАЛ БЎЛДИ
Тўрақўрғон тумани ҳокимлигида ташкил этилган навбатдаги ҳоким қабулида турли масалалардаги мурожаатлар бўлди ва уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
«Тошкент» маҳалласида яшовчи фуқаролар номидан келган вакиллар мазкур ҳудудда қурилиши режалаштирилаётган 330 ўринли мактабни аҳоли учун янада қулайроқ жойда барпо қилиш таклифи билан мурожаат этдилар. Улар билдирган фикр-мулоҳазалар обдон ўрганилиб, лойиҳа ижроси пайтида эътиборга олинадиган бўлди.
Шаҳанд қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро укасининг тўйи учун моддий ёрдам зарурлигини айтди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ун, ёғ, сабзавот сингари озиқ-овқат маҳсулотларидан кўмак берилишини ваъда қилди. Ногиронлиги мавжуд мурожаатчининг аҳволи ҳисобга олиниб, унинг ўзига ҳам кийим-бош совға қилинадиган бўлди.
Янгиободлик аёл арзон уй-жой билан тамъинлаш масаласида мурожаат этди. Хоким қурилиш бўйича мутахассисларга фуқаронинг талаби қонуний қондирилиши юзасидан топшириқ берди.
Шунингдек, Шарқ маҳалласида яшовчи, моддий томондан қийин шароитга тушиб қолган фуқаронинг 1,5 ёшли фарзандини болалар боғчасида имтиёзли юришида кўмак бериш, Паст Найманчада истиқомат қилувчи аёлнинг муқим иш билан таъминлаш бўйича қилган мурожаатлари ҳам ечимини топадиган бўлди.
Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тўрақўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Лазизжон Собиров, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёржон Турғунов ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳамда идораларнинг вакиллари қатнашдилар.