ОҚТОШНИНГ МАҚОМИ ЯНА ТИКЛАНМОҚДА

Оқтош аввалдан Тўрақўрғоннинг саноат зонаси сифатида танилган. Бироқ, мустақиллик йилларигача корхоналар турли важлар билан тўхтаб қолди ёки фаолияти сустлашди. Энди эса унинг мавқеи яна тикланмоқда. Хусусан шаҳарча марказида, собиқ пахта пунктининг 3,3 гектар майдонида «Ёшлар кичик саноат зонаси» ташкил этишга киришилган. Мақсад, фойдаланилмай турган ҳудудда 15 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали ҳар хил ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш.

Айни пайтда бу ерда қурилиш юмушлари жадал суръатлар билан кетмоқда. Аксарият бино ва иншоотларнинг ғиштин деворлари қад ростлади, айримларида сувоқ ишлари бажарилмоқда.

Энг катта майдон - 1 гектар жойни эгаллаган «Рунамтекс» МЧЖнинг 2 қаватли биносида 25 нафар ишчилар меҳнат қилмоқда.

- Асосий темир-бетон ишлари бажарилган биринчи қаватнинг томини ёпаяпмиз. Яъни кўриб турганингиздек, бетон плиталар ётқизиляпти. Шундан кейин юмушлар иккинчи қаватга кўчади, - деди қурилиш ишларини юритувчи мутахассис Шермирза Темиров. МЧЖга қарашли мазкур жойда тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлаш кўзда тутилган. Лойиҳага 3 миллион 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция жалб этилади. Муҳими, асосан экспортга маҳсулот йўналтирилиши кўзда тутилган мазкур корхона тўла қувват билан фаолият кўрсата бошлагач, 700 та иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, «Нодирабегим Зуҳро тимсоли» МЧЖда пластмасса яшиклар, «Муҳаммад тред индустри» оилавий корхонасида мебель жиҳозлари, «Муҳаммад, Имронбек, Шуҳрат»да эса қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Умумий қиймати 65,5 млрд. сўмлик юмушлар бажариладиган кичик саноат зонасига 17,8 млрд. сўмлик банк кредитлари йўналтирилади. Тадбиркорлар томонидан эса 47,7 млрд. сўмлик маблағ ўзлаштирилади. Лойиҳалар рўёбга чиқарилиши туфайли 1 минг 500 дан зиёд меҳнатга эҳтиёжмандлар фойдали юмуш билан таъминланадилар.