ТЎРАҚЎРҒОНДА ОТ СПОРТИ БАЙРАМИ
Тўрақўрғонлик моҳир чавандоз Алимардон Бозоров нафақат вилоятимиз, балки қўшни республикаларда ҳам ном қозонган. У замон билан ҳамқадам бўлиб, ўзи раҳбарлигидаги "Денгиз тулпори" МЧЖ қошида от спорти майдони ташкил этди. Бугун ушбу майдоннинг очилиш маросими туманда катта спорт байрамига айланиб кетди. Улоқ-кўпкари мусобақасида қатнашиш учун Қирғизистон, Қозоғистон республикалари, Фарғонанинг Қўқон, Марғилон шаҳарлари, Чуст, Наманган, Уйчи туманларидан жами 500 нафардан зиёд чавандозлар ҳозир бўлишди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, ўзида миллий халқ ўйинларини мужассам этган от спорти мамлакатимизда тобора ривож топаётгани, мазкур иншоот давлатимиз раҳбарининг август ойидаги икки Қарори ижроси вилоятимизда ҳам таъминланаётганига мисол эканлигини таъкидлаб ўтди. Вилоят раҳбари тўрт карра Жаҳон чемпиони Рустамжон Умаров ва ММА жангчиси Азамат Нуфтуллаевларга той совғаларини топширди.
Спорт байрами “Кўк бўри”, от устида кураш ўйинлари билан бошланиб, “улоқ”қа навбат берилди. Унда вилоят ҳокимининг махсус совринлари, ҳомий ва ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ғолибларга тортиқ этилди.
Қарийб 6,5 гектар ер майдонидан иборат бўлган ушбу спорт майдони 2000 отлиқни ўз ичига олиш қувватига эга. Келгусида туризм салоҳиятини ошириш учун жамият қошида меҳмонхона, от спорти мактаби, дам олиш сиҳатгоҳи, даволаниш клиникасини ҳам барпо этиш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Байрам тадбирида Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, Миллий гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи Собитхон Мирзаев иштирок этишди.