ЗУЛФИЯХОНИМ ҚИЗЛАРИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА
Тўрақўрғон туманида Феруза Абдуқаҳҳорова, Гулираъно Ваққосова, Манзура Абдуллаева сингари Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган бахтиёр қизлар бор. Улар жамият ҳаётининг энг қайноқ жабҳаларида фаолият олиб боришмоқда.
Уларга ҳавас қилганлар эса янада кўп. “Йил аёли” кўрик-танловининг туман босқичига тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилгач, куннинг иккинчи ярмида таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларнинг ҳужжатлари кўздан кечирилди.
Қувонарлиси, уларнинг сони аввалгидан анча ошган, яъни, 60 нафардан зиёди ушбу мукофот бўйича танловда иштирок этишга лойиқ деб топилди. Ҳужжатлар қизларнинг устозлари томонидан тақдим этилди.