БУГУН ҚАБУЛ...
Бирор муаммоси мавжуд фуқаролар ҳафтанинг сешанбасини орзиқиб кутадиган бўлишди. Сабаби, бу кунда туман ҳокимининг қабули ўтказилади ва ўртага ташланадиган масалалар иложи борича ижобий ҳал этилади. Бугун ҳам кўпгина мурожаатларда айтилган оғриқли масалаларнинг ечимини излаш бўйича қабул пайти астойдил шуғулланилди.
Ермасжид маҳалласида яшовчи Мавлуда Икромиддинова оилавий шароитини ҳисобга олиб, уй-жой таъмири учун моддий кўмак беришни сўраб, туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамовага юзланди. Ҳоким бу оила бекаси билан обдон суҳбатлашгач, унга ёрдам қўлини чўзиш зарур, деган хулосага келди. Аёлга 100 та шифер олиб бериладиган бўлди.
Порлоқ МФЙда истиқомат қилувчи Алижон Мусурмонов фарзандини даволатиш учун моддий кўмак сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди, бола учун «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Туманимизда иқтидорли ёшлар кўп. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса туман ҳокимлигининг эътиборида. Шу йилнинг 5-9 ноябрида Туркияда ўтадиган каратэ бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиш учун борадиган 3 нафар спортчи ёшлар харажати юзасидан ҳокимга мурожаат этган «Азамат Карим» спорт клуби бош мураббийи Илёс Луқмонов ҳам хурсанд бўлди. Чунки З. Маҳкамова нафақат вилоят ёки туман, балки Ўзбекистон шарафини хорижда ҳимоя қиладиган ўғил-қизлар учун ҳар қандай шароитда ёрдам берилишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Оқтошдаги кўмир омбори орқали мазкур ёқилғи билан туман аҳолисини эҳтиёжга яраша таъминлаш, оилавий келишмовчилик юзасидан ҳам фуқаролар ҳокимга дардларини айтдилар. Муҳими, ҳар бир мурожаатчини рози қилиш йўллари изланди.
Эътиборлиси, қабул жараёнида айрим масалалар туман ҳокими даражасигача боришига ҳожат қолмади. Яъни мурожаатчи ва шу ерда ҳозир бўлган мутахассисларнинг ўзаро мулоқоти натижасида масалаларга дарҳол ечим топилди. Мисол учун, Дукат маҳалласида яшовчи Шарифа Ҳусанованинг тадбиркорлик учун банк муассасасидан кредит олиш борасидаги муаммоси тез орада ҳал этиладиган бўлди.
Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тўрақўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Лазизжон Собиров, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёржон Турғуновлар иштирок этдилар.