ОҚТОШ СОЧИҚЛАРИ ЭНДИ ЕВРОПАГА ЖЎНАТИЛАДИ
Бир пайтлар донг таратган ва турли сабабларга кўра инқирозга юз тутган Оқтошдаги қурилиш ва саноат корхоналари ўрнида янгидан-янги тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қулай муҳит туфайли қисқа муддатда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бундан 3 йиллар аввал иш бошлаган «Оқтош текстил» МЧЖда 100 киши меҳнат қиларди, ҳозир эса 500 га яқин одамнинг рўзғорига барака айни шу корхона орқасидан киряпти. Мазкур меҳнат жамоасида 20 хил ўлчамдаги, 10 турдаги сочиқлар тикилади. Муҳими, уларнинг барчаси экспортга йўналтирилган. Ҳозиргача асосий харидорлар ҳисобланган Россия, Украина, Қозоғистон сингари мамлакатлар қаторига энди Европа давлатлари ҳам қўшиладиган бўлди. Чунки корхона халқаро андозаларга жавоб берадиган ISO сертификатини қўлга киритди. - Аслида замонавий технологияга асосланган жиҳозлариз ёрдамида ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз сифат жиҳатидан ниҳоятда юқори, аммо махсус сертификатсиз жаҳон бозорига чиқиш имкониятимиз чекланган эди, - дейди ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Музаффар Абдураҳмонов. - ISOга эга бўлгач, имконият кўламимиз кенгайди. Эндиликда дунёнинг манаман деган давлатлари билан ўзаро алоқага киришишимиз мумкин. Ҳар ойда 250 тонна маҳсулот ишлаб чиқариб, 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарни экспортга жўнатишга қодир бўлган корхонада иш шароитлари йирик шаҳарлардаги меҳнат жамоларидагидек: цехлар кенг ва ёруғ, озода ва шинам. Юқори унумли жиҳоз ҳамда ускуналарда ишлаш ниҳоятда қулай. Бир-биридан мазали таомлар тайёрланадиган 2 та ошхона эса тун-у кун меҳнаткашлар хизматида. “Тун-у кун” дейишимизнинг боиси бор: мазкур меҳнат масканида ишлар айланма – кечки ва кундузги қилиб ташкил этилган. Ишловчиларнинг саломатликлари ҳамшира томонидан алоҳида назоратга олинган. Айни пайтда қулай шароит ва мунтазам бериладиган ойлик маошлар орқали довруғи туфайли «Оқтош текстил»да ишлаш истагини билдирган ёшлар сони ортмоқда. - Кейинги йилларда ўнлаб йигит-қизларни ишга олдик, аммо ҳозирда яна 200 нафар ишга эҳтиёжмандларни ўз сафимизга қабул қилиш имкониятимиз бор, - дейди тикув цехи бошлиғи Билолхон Ҳабибуллаев.