ТЎРАҚЎРҒОНДА “ЯШИЛ МАЙДОН” УМУММИЛЛИЙ ҲАРАКАТИ ДОИРАСИДА КЎЧАТ ЭКИШ АКЦИЯСИ ҚИЗҒИН ТУСГА КИРДИ
Маълумки, муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида ўтказилган селектр йиғилишида мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси яшил майдонга айланиши учун кўплаб манзаралари ва мевали кўчатлар экиш акцияси эълон қилинганди.
Ушбу лойиҳа доирасида Тўрақўрғонда режа асосида ҳаракат бошлаб юборилди. Томорқалар, кўча бўйлари, дала майдонларининг четларига турли дарахтлар экиляпти.
Катта Қўрғонча маҳалласида шу мавзуда ташкилланган семинарга кўпни кўрган отахонлар, учта боғбонлар, кўчатчилик мутахассислари таклиф этилдилар. “Тўрақўрғон агрофирма”сига қарашли “Бахтли шарқ юлдузи” фермер хўжалиги масъули Абдуллажон Боймирзаев, тажрибали боғбон Абдумалик Пўлатовлар қайси дарахтни қачон ва қай тартибда экиш, парвариши, иқлимга мослаштириш каби тавсияларни беришди.
Семинарда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов иштирок этди ва туманда, айниқса, узумчиликни ривожлантириш учун ҳамма имкониятлар борлиги, хусусан, ишкомлар ўрнатишда арзон ва чидамли материаллардан фойдаланиш, даромад олиш бошлангандан сўнг бошқа чораларни кўриш имкониятлари яратилиши ҳақида сўзлади.
Табаррук отахонлар юртимизга тўкинлик тилаб дуолар қилишди ва бир нечта кўчатларни ўзлари экиб беришди.