“ОБОД ҚИШЛОҚ”ҚА ТУШИБ, ОБОД БЎЛГАН МАКТАБ КЎЧАТЛАР БИЛАН ЙЎҚЛАНДИ

Туман халқ таълими бўлимига қарашли 58 та умумтаълим мактаблари жамоалари ҳам кўчат экиш бўйича эълон қилинган зарбдор 40 кунликда фаол иштирок этишяпти. 2587 туп мевали кўчат, 3560 туп терак, минг тупдан ортиқ турли манзарали дарахтлар, 6500 туп терак қаламчаси ва бошқа турдаги кўчатлар экиш ҳисоб-китоб қилинган.

“Обод қишлоқ” дастурига тушган ва салкам 3 миллиард сўм маблағ эвазига бутунлай янгича қиёфа акс этган 22-умумтаълим мактабига 1-сектор ҳудудидаги мактаб директорлари туман халқ таълими бўлими мудири Файзулло Бозоров раҳбарлигида кўчатлар олиб муборакбод этгани келишди. Каттагина майдонга кўплаб мевали дарахтлар, қаламчалар экилди.

-Буларни асраб-авайлаб ўстирамиз, ҳамкасбларимизнинг совғалари билан яшил майдонимиз кенгайди,-деди мактаб директори Дилоромхон Тожибоева.