МУКАММАЛ ТАЪМИРДАН ЧИРОЙ ОЧГАН МАКТАБ
Бураматутдаги 28-умумтаълим мактаби кейинги йилларда анча таъмирталаб бўлиб қолганди. Гарчи бу ерда таълим-тарбия масалалари анча яхши йўлга қўйилиб, рейтингларда юқори ўринларда юрсада, жамоа чиройли кўринишдаги даргоҳларга ҳавас билан қарашарди.
Инвестиция дастури доирасида мукаммал таъмирлашга тушган мактаблар ичида бу муассаса ҳам борлиги нафақат ўқитувчи ва ўқувчилар, балки қишлоқ аҳлини қувончга тўлдирди.
920 ўринли ўқув биноси қисқа вақт ичида замонавий тус олди, 40 та синф хонаси учун алоҳида янги типдаги ўқув жиҳозлари, 2 та компьютер хоналарига сўнгги русумдаги 32 дона компьютер, китобхонликни ошириш учун кутубхона ҳам қўшимча жиҳозланиб, 2224 дона бадиий адабиёт ва121 дона ўқув қўлланмалари билан бойитилди. Бунинг учун давлат бюджетидан 4 миллиард 73 миллион 354 минг сўм маблағ ажратилди ва сарфланди.
Бутунлай янги қиёфага кирган мактабнинг очилиш маросимида туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, бугунги билимли ёшлар Ўзбекистоннинг эртанги келажаги эгалари эканлигини эътироф этди ва бу йўлда жамоага муваффақиятлар тилади.