ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ БОҒЛАРИ ТЎРАҚЎРҒОНДА ҲАМ БАРПО ЭТИЛМОҚДА
Республикамизнинг барча худудларида бўлгани каби Тўрақўрғонда ҳам манзарали ва мевали кўчатлар экиш қизғин давом этяпти. Ҳам экологик мусаффолик, ҳам витаминларга бой мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш мақсадидаги ушбу ташаббус кенг қўллаб-қувватланаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Туманда "Яшил майдон" лойиҳаси доирасида 2021 йил кузи ва 2022 йилнинг баҳор мавсумларида 1 миллион 674 минг 477 туп манзарали, мевали ҳамда бутали кўчатлар ва қаламчалар экиш режалаштирилган.
“Тўрақўрғон ИЭС” яқинидаги “Шоҳидон нурли диёр” массивида тадбиркор Абдуғани Қозоқов ўз ҳисобидан 4, 5 миллиард сўм сарфлаб жами 50 гектар майдонда 175 минг тупдан зиёд кўчатлар экиб, кичик ўрмонзор ва боғ барпо қилиш ташаббуси билан чиққан эди.
Бугун ана шу масканда дастлабки кўчатлар экиш тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳотамов, нуронийлар, ёшлар вакиллари, жамоатчилик иштирок этишди. Наманган ўрмон хўжалигидан келтирилган манзарали дарахтлар, тадбиркор томонидан етиштирилган экспортбоп, эртапишар кўчат ниҳоллари ўтқазилди.