Тўрақўрғонлик тадбиркорга Президент совғаси топширилди

“Дилрабо СДА ” кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси 2004 йилда ташкил топган. Фаолияти жами 80 турдан ортиқ болалар, эркаклар ва аёлларга трикотаж матолардан ички ва ташқи кийимлар тикишдан иборат бўлган корхонада бугунги кунда 700 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилади. Уларга бепул транспорт ва тушлик жорий этилган, ойлик маошлари ўртача 1,5 миллион сўмни ташкил этади.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати йилига 1 млн. 250 минг дона, маҳсулотлар юз фоиз Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинади.

Яқинда республика Касаба уюшмалари федерацияси томонидан эълон қилинган танловда корхона директори, “Дўстлик” ордени соҳибаси Маъсудахон Содиқова энг кўп иш ўрни яратган раҳбар номинацияси бўйича республикада биринчи ўринни эгаллаб, Президент совғаси “Жентра” автомобили билан тақдирланди.

Тадбиркорнинг пойтахтдан эътибор ва катта совға билан қайтиши туманда байрамга айланиб кетди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, сектор раҳбарлари, корхона жамоаси М. Содиқовани гуллар билан кутиб олишди.

-Ҳар бир ишчини ўз фарзандимдек кўраман, қўлимдан келганча ғамҳўрлик кўрсатаман. Муваффақиятларимнинг боиси шундан бўлса керак,-дейди у.