Шошилинч тиббий ёрдам бўлими янги бинода
Тўрақўрғон туман марказий шифохонасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлими 2001 йилда собиқ болалар бўлими биносини ҳашар усулида капитал таъмирлаш йўли билан ташкил қилинган.
Шу бино Давлат инвестиция дастурига биноан 2020-2021 йиллар давомида мукаммал реконструкция қилинди. Қўшимча 2 қаватли бино қурилди. Қурилиш - таъмирлаш ишлари “Осим қурилиш дизайн” МЧЖ томонидан олиб борилди. Бунинг учун 13 млрд. 197 млн. сўм маблағ сарфланди. Эндиликда ушбу бўлим таркибида алоҳида беморларни шошилинч қабул қилиш блоки, диагностика блоки, анестезиология – реанимация бўлими операция блоки билан, 10 ўринли шошилинч хирургия, 10 ўринли шошилинч терапия ва 10 ўринли шошилинч педиатрия постлари мавжуд. Ушбу бўлимда 28 нафар врач, 110 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ва 62 нафар кичик тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатади.
Энг замонавий услубда қайта кўрк ростлаган бинонинг очилиш маросимида тиббиёт соҳаси фахрийлари, инсон саломатлиги учун ҳормай меҳнат қилаётган шифокорлар, аҳоли вакиллари жам бўлдилар.
Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова эртага нишонланадиган касб байрамлари ва янги бино тақдимоти билан жамоани муборакбод этди. Меҳнат фахрийси Аҳмаджон Худойназаров соҳага қаратилаётган эътибор ҳақида тўлқинланиб сўзлади ва бу шароитларни қадрлаб ишлаш лозимлигини билдирди.
Шинам ва барча зарур тиббиёт асбоблари билан жиҳозланган хоналарни кўриб, аввало ҳеч ким бемор бўлмасин, келган дардмандлар бутунлай соғайиб оиласига қайтсин, дея дуо қилинди маросимда.