ЯНА БИР МАКТАБ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Тўрақўрғон туманидаги 49-умумтаълим мактабида 526 нафар ўқувчига 54 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқдалар.

Анчагина таъмирталаб аҳволга келиб қолган муассасага ва ниҳоят инвестиция давлат дастури бўйича қурилиш ва таъмир учун давлат томонидан 3. 919. 565 минг сўм маблағ ажратилганда нафақат жамоа, балки бутун маҳалла аҳли хурсанд бўлишди. мавжуд 330 ўринли бино қайта мукаммал таъмирланди, Янги 210 ўринли бино "Осим қурилиш дизайн" МЧЖ қурувчилари томонидан тезда ва сифатли қуриб битказилди.

-Эътиборга муносиб равишда кўрсаткичларимиз ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. Мисол учун, ўқувчиларимизнинг ОТМга киришлари ўтган йили 15 фоиздан юқори бўлган бўлса, бу йил 22 фоиздан ошди. 11-синф битирувчиларининг ҳам тўла бандлиги таъминланди,-дейди директор Матлуба Абдуллаева.

Мактаб биносининг очилиш маросими катта тантанага айланиб кетди. Унда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, туман прокурори Элёрбек Талабоев, фахрийлар, ёшлар вакиллари иштирок этишди.

Шинам ва ёруғ синф хоналари, уларга мос равишдаги янги жиҳозлар кишининг ҳавасини келтиради. Ўқувчилар ва ўқитувчилар бундай шароитдан мамнун эканликларини билдирдилар.

Туман раҳбарлари мактаб ҳовлисига эсдалик учун кўчатлар ҳам экиб бердилар.