100 НАФАР СПОРТЧИ ТАҚДИРЛАНДИ

Тўрақўрғон - спортчилар юрти. Ҳозирда 10 нафар Жаҳон чемпионлари, 30 нафар Жаҳон чемпионати совриндорлари, мингдан ортиқ Ўзбекистон чемпионлари бор.

Биргина мисол, яқинда Украинанинг Львов шаҳрида белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида тўрақўрғонлик спортчилар ҳам иштирок этиб, битта олтин, иккита бронза медалларини қўлга киритишди.

Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган каратэ бўйича Жаҳон чемпионатида эса мураббий Илёсбек Луқмоновнинг 2 нафар шогирдлари олтин ва кумуш медаллар билан қайтишди.

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 2021 йил 1-3 октябр кунлари ташкил этилган дзюдо бўйича Ўзбекистон Кубоги мусобақасида 3 нафар спортчи қизлар катта ютуқларга эгалик қилиб, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафига қабул қилиндилар.

Бундай ютуқлар албатта эътирофга муносиб. Туман маданият марказида ана шундай спортчи ёшлардан 80 нафари туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёржон Турғунов Тўрақўрғон шуҳратини ошираётган бу йигит-қизлар ва уларнинг мураббийларига миннатдорчилик билдириб, келгуси мусобақаларда ҳам омадлар тилади.