ЎҒИЛОЙ ЭНДИ ҚЎШНИЛАРДАН ЧОК МАШИНАСИ СЎРАМАЙДИ
Бундан сал аввалроқ туман ҳокими қабули пайтида Бекобод маҳалласида яшовчи фуқаро моддий томондан қийин шароитда яшаётганлигидан арз қилганди. Ҳоким Зулайҳо Маҳкамова топшириғига кўра, икки нафар ногиронлиги мавжуд фуқаролари бор бу оила аъзолари озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.
«Қўл билан берганга қуш тўймас», деган нақл бежизга айтилмаган. Махсус гуруҳ мазкур хонадоннинг шароитини ўрганар экан, келин – Ўғилой Каримова ҳаракатчан эканлиги, тикувчилик қўлидан келиши маълум бўлди. Ҳатто у қўшнилардан чок машинаси сўраб, турли буюмлар тикиб сотар экан.
Шуни эътиборга олиб, ҳокимлик ва Халқ депутатлари туман кенгаши ўзаро маслаҳатлашди ва Кенгаш сессияси қарорига кўра мазкур оила тикув машинаси билан таъминланадиган бўлди. Мақсад, махсус дастгоҳ ёрдамида аёлнинг ҳунар билан астойдил шуғулланиши учун қулай имконият яратиш ва оиланинг қийин шароитдан чиқишига кўмаклашиш.
Бугун ана шу совға ўз эгаларига етказилди. Кенгаш котибияти мудири Баҳодир Латипов яхши истаклар билан оила аъзоларини руҳлантирар экан, улар чин дилдан миннатдорлик изҳор қилдилар.
Маълумот учун: дастгоҳ харажатлари «Маҳалла» хайрия жамоат фонди қошида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан қопланди.