“ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ”

25 ноябрдан Ўзбекистонда шу шиор остида 16 кунлик кампания бошланди. Бу йил 30 йиллигини нишонлаётган хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши ушбу глобал кампания жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилиб, 6 мингдан зиёд ташкилотлар ҳамда 300 миллион кишини қамраб олмоқда.

Туман маданият марказида шу муносабат билан ўтказилган тадбирда фаоллар, ёшлар вакиллари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлашга масъул мутасаддилар, диний соҳа вакиллари иштирок этишди. Уни туман ҳокимининг маслаҳатчиси Шоҳистахон Қамбарова олиб борди.

Афсуски, туманимизда ҳам ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари ўтган йилгидан ошган. Дарҳақиқат, нохуш ҳолатлар бирданига, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг келиб чиқиш сабаблари турлича. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош психиатри Ўткирбек Шарипов ана шу омиллар ҳақида батафсил тўхталаркан, айниқса, етарли дам олмаслик, беъмани орзу-ҳаваслар, ёшларнинг балоғат давридаги ўй-хаёллари, асаб тизимидаги руҳий зўриқишлар инсонни тушкунликка тушишга сабабчи бўлишини мисолларда изоҳлади.

Туман бош имом-хатиби Муҳибилло Худойбердиев, ИИБ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича инспектори Малоҳат Ботирова, туман ХТБ мудири ўринбосари Акмалжон Мўминов, аёлларни реаблитация қилиш ва мослаштириш туманлараро маркази раҳбари Комилахон Рўзиметова, фаоллардан Маъсудахон Бегматовалар мавзу юзасидан ўринли мулоҳазалар билдирдилар.

Туманда ҳар бир маҳалла кесимида инсон қадр-қимматини таъминлаш, ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Ишчи гуруҳ фаолият олиб боради.

Йиғилишда келгуси йилда яхши кўрсаткичларга эришиш учун ҳозирдан ҳаракат бошлашга келишиб олинди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдукаримов қатнашди.