Аҳолини рўйхатга олишнинг заруриятлари Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10 — 30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.