ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ
Кенгаш раиси, туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова олиб борган навбатдаги сессия аввалида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири-«Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг туманда бажарилишига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди. Унга кўра, дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда 70 та фермер хўжаликлари тасарруфидаги 401 гектар майдон туман ҳокимлиги заҳирасига олинади ва электрон аукцион орқали аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига шаффоф усулда берилади. Агар бу майдонларни 10 сотихдан ажратилганда ҳам 4000 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланиб, оилавий даромадлари ошишига кўмаклашилади.
Сессия кун тартибига қўйилган бошқа масалалар – “2021 йил 3-чорак маҳаллий бюджетининг ижросини тасдиқлаш тўғрисида” туман молия бўлими мудири У. Аҳмедходжаев, “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушган маблағларни сарфлаш тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Э. Турғунов, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида” туман ҳокимининг ўринбосари-“Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ш. Собиров, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги фаолият бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Д. Исмоиловларнинг таҳлилий маърузалари тингланди, шунингдек, 26-мактаб директори лавозимига Одилжон Юлдашев номзоди ҳам тасдиқланиб, кўрилган барча масалалар юзасидан қарорлар депутатлар томонидан қабул қилинди.
Сессия сўнггида журналист ва блогерлар учун “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш натижалари бўйича брифинг ҳам бўлиб ўтди.