Бош Вазир ўринбосари Наманганда
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзаков раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар билан танишди.
Хусусан, ишчи гуруҳ Янги - Наманган туманида бўлди. Туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кластер шаклидаги янги “Ойқирон” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.
Тадбиркорлар билан очиқ учрашув чоғида эълон қилинганидек, яратилаётган КСЗ майдони 10 гектар бўлиб, жами 80 та тенг участкаларга бўлинган. Саноат майдонларини сотиш жорий йилнинг 1 декабридан бошланиб, кимошди савдоси орқали амалга оширилади. Кимошди савдоси иштирокчилари ер участкаси мулкчиликка олинган кундан бошлаб 6 ой мобайнида мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш объектларида камида 50 та иш ўринлари яратилиши керак.
Таъкидланишича, ҳозирги пайтга келиб кимошди савдосида иштирок этиш учун 120 нафар тадбиркордан аризалар келиб тушган. Янги ташкил этилган КСЗ ҳудудида келгусида жойлаштириш учун умумий миқдори қарийб 50 миллион долларга тенг бўлган 53 та инвестициявий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги ташкил этилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларида таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари учун мебель маҳсулотлари ва унинг бутловчи қисмлари, аксессуарлар ва тайёр мебель маҳсулотлари, офис ва хонадон учун мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва жами 1100 га яқин иш ўрни яратилади.
Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков ишбилармонлар олдида сўзга чиқиб, Наманган вилоятида амалга оширилаётган ушбу ташаббусни мамнуният билан олқишлади ва тадбиркорларни яратилаётган КСЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам берилишига ишонтирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасидан жозибадор инвестициявий лойиҳалар ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизигача бўлган миқдорда молиявий ёрдам ажратилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Учрашув давомида вилоят тадбиркорлари саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ турли масалаларни муҳокама қилиш, саволлар бериш ва бизнес-ғоялари билан бўлишиш имконига эга бўлдилар. Маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар ўз фаолияти давомида дуч келадиган муаммоли масалалар ҳам тилга олинди. Ишчи гуруҳ томонидан билдирилган мурожаатлар ҳар томонлама кўриб чиқилди ва ҳар бир ҳолатни ҳал этиш алгоритмлари ишлаб чиқилди. Мутасадди раҳбарларга кўтарилган муаммоларни ҳал этиш бўйича тезкор ва самарали чора-тадбирлар кўриш топширилди.