“МЕН ВА ОИЛАМ”НИНГ ЯНГИ ЛОЙИҲАСИ
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида камбағалликни камайтириш, аҳоли бандлиги ва оилаларнинг реал даромадларини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш бўйича мақсадли дастурлар жамланган бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг асосини янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш асосий мезон этиб олинган.
Бу борада нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам фаоллик кўрсатиб келишмоқда. Жумладан, вилоят “Мен ва оилам” жамоат бирлашмаси хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш каби йўналишларда самарали лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Бирлашма яқиндагина Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ижтимоий буюртмалар танловида ғолиб бўлиб, 340 миллион сўм грант маблағига эга бўлди. Лойиҳага кўра Тўрақўрғон туманида маҳаллий ривожлантириш маркази ташкил этилиб, унда 6 та йўналишда, 2 ойлик курсларда 420 нафар ишсиз, уюшмаган ёшлар, хотин-қизлар, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”да турган касбий кўникмаларни эгаллашга йўналтирилган ҳамда кам таъминланган оилалар бандлиги, турмуш тарзи ва уларни ижтимоий фаол бўлишини инновацион методикалар орқали бепул таъминланади.
Маҳаллий ривожлантириш марказининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова, Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, лойиҳа раҳбари Мавлудахон Абдуҳалимова,Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ННТлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб- қувватлаш жамоат фонди директори Нигора Нуралиева, ЎзННТМА вилоят бўлинмаси бошлиғи И. Каримовлар хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги ўринлари янада мустаҳкамланиши йўлида бундай ҳаракатлар юқори самара бераётгани ҳақида айтиб ўтишди.Бугуннинг ўзидаёқ курс тингловчилари дастлабки амалий машғулотларни бошлаб юбордилар.