ВАКЦИНАЦИЯЛАШНИНГ «БУСТЕР ДОЗА»СИ НИМА?
Бугунги кунда «КОВИД-19»га қарши вакцинациялашнинг «бустер дозаси» тўғрисида гап кетмоқда. У нима ва аҳоли қандай қилиб бу билан эмланади?
- Мамлакатимизда «КОВИД-19»га қарши эмлаш ишлари давом этмоқда ва аҳолининг асосий қисми вакцинанинг керакли дозаларини олиб бўлди. Эндиги босқичда 2 ва 3-дозаларни олганларда иммун тизими мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида улар «бустер доза»ни олишлари шарт, деган қарорга келинди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Абдусаттор Тўйчибоев.- Шунинг учун жорий йилнинг 15 ноябридан бошлаб республика аҳолисини «бустер доза» билан эмлаш бошланди.
Мутасаддининг билдиришича, туманимиз бўйича 4 декабргача бўлган муддатда 109 минг 604 киши «КОВИД-19»га қарши эмланди. Эндиги босқичда организмда инфекцияга қарши иммунитетни янада мустаҳкамлаш учун эмланганига 6 ой ва ундан ортиқ муддат ўтганлар «бустер доза»ни қабул қиладилар.
Айни пайтда туманда 5 та турдаги вакциналар билан эмлаш ишлари давом этмоқда. «Бустер доза»ни эса вакциналарнинг ҳар қанақа туридан фойдаланган ҳолда олса бўлади. Фуқаро мазкур доза билан икки ёки уч марта эмас, балки бир маротаба эмланади холос. Эмлаш тумандаги профилактика тиббиёт муассасаларида бепул амалга оширилади.
Яна бир бор эслатамиз, «Бустер доза»ни олиш учун аввалги вакцинацияланишдан сўнг 6 ой муддат ўтган бўлиши шарт. Вакцинанинг фақат биринчи дозасини олган фуқаро бу гуруҳга кирмайди.