ЯНА БИР ЯНГИ БИНО ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Тўрақўрғоннинг республикада ўзига хос ўрни бор. Деҳқончилик ва боғдорчиликда бой тажрибага эга туман аҳли кейинги йилларда тадбиркорлик, саноат ва қишлоқ хўжалигида ҳам донг таратмоқда. Наманган марказини пойтахтга йўналтирадиган йўл Тўрақўрғондан ўтганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бордек. Маҳаллаларида эса ўрганса арзийдиган тажрибалар бисёр, - дея эътироф этди тумандаги «Истиқлол” маҳалласи учун қурилган бинонинг тақдимот маросимида иштирок этган «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви раиси Дилшод Усмонов.Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова меҳмонга миннатдорлик изҳор этар экан, тўрақўрғонликлар бундан буён ҳам ҳар соҳада илғор бўлишга, айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, уларни «яшил макон»га айлантириш борасида юқори натижага эришиш йўлида астойдил ҳаракат қилишларига ваъда берди. Шундан сўнг МФЙ биноси қурилишида фаоллик кўрсатган «Юсуф қурилиш дизайн» хусусий корхонаси вакилларига совғалар тақдим этилди. МФЙ бошқарувига «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан компьютер жамланмалари топширилди. Кейин эса рамзий тасма қирқилиб, бино ичкарисига қадам қўйилди. Маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 350 миллион сўм сарфланиб қад ростлаган иморат ҳамманинг ҳавасини келтирди. Чунки шинам ва ёруғ хоналар бир-биридан гўзал. Уларда фуқароларни қабул қилиш ва самарали ишлаш учун қулай шароитлар яратилган. Эътиборлиси, замонавий мебель жиҳозлари ҳам фонднинг маблағи ҳисобидан олинган.- Бундай қулай шароитдан, албатта, хурсандмиз ва эътиборга яраша сидқидилдан фаолият кўрсатишга ҳаракат қиламиз, - деди биз билан суҳбатда МФЙ раиси Муқаддас Тўрабоева. Маълумот учун: йилнинг ўтган даври мобайнида тумандаги 5 та МФЙ бошқаруви янги бинога кўчиб кирди, йил охиригача янги иморатлар сони яна 6 тага кўпаяди.