ВОЯГА ЕТМАГАН БОЛАДА - 1 МИНГ 200 ДОНА ПИРОТЕХНИКА ВОСИТАСИ?
Туман ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасининг вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи ходимлари томонидан таълим муассасаларида вояга етмаганлар ўртасида пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик, уларни олиб сотиш билан шуғулланмаслик борасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Профилактик ишлар жараёнида Хўжанд МФЙ ҳудудидаги 2-касб-ҳунар мактаби ўқувчиси, Қўшқайрағоч МФЙда яшовчи, Ҳ. Ғ.да жами 1 минг 200 дона пиротехника воситалари борлиги маълум бўлди. Яна бир вояга етмаган Мингбулоқ тумани 14-мактаб ўқувчиси Ҳ. Ж. яшаш хонадонида ана шундай воситаларни сотаётганлиги аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-моддасига асоосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Болалар масалалари бўйича туман комиссиясига чора кўришлик учун юборилди.
БОЛАДА КАСТЕТ НИМА ҚИЛАДИ?
ИИБннг айни шу гуруҳи томонидан “Тиғ” тадбири ўтказилаётган пайтда Бураматут маҳалласи ҳудудида жойлашган 28-мактаб ўқувчиси М. Ҳ. нинг ёнида пичоқ, Тошкент маҳалласи ҳудудидаги 1-касб-ҳунар мактаби ўқувчиси А. Ж.нинг ёнида эса кастет борлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича ҳам ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли комиссияга чора кўришлик учун юборилди.
Бундай ҳолларга педагоглар ва ота-оналар беэътибор бўлмасликлари керак. Чунки айни шундай совуқ қуроллар аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.